Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини баҳолаш бўйича Basel AML Index 2016 рейтингида 101-ўринни эгаллади ва террорчиликни молиялаштириш хатари паст даражада бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олди.

Рейтинг Базель бошқарув институти томонидан тайёрланган. Basel AML Index рейтинги 2012 йилдан буён тузиб келинади. Энг юқори баҳолаш коэффициенти - 10 балл. Паст балл хатар ҳам шу даражада пастлигини билдиради. Бу рейтинг мамлакатлардаги мавжуд жиноятчилик ва коррупцияни эмас, жиноятчилик ва коррупция учун мавжуд шароитларни баҳолайди.

Рейтингда МДҲ мамлакатлари орасида  террорчиликни молиялаштириш хатари энг юқори кўрсаткич Тожикистон томонидан қайд этилган (8,19 балл). Марказий Осиёнинг бу мамлакати умумий рейтингда 3-ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларда Украина – 49-ўрин (6,57), Туркия – 47-ўрин (6,55), Россия – 58-ўрин (6,22), Қирғизистон – 60-ўрин (6,21), Қозоғистон – 71-ўрин (5,88), Молдова – 93-ўрин (5,24).

Ўзбекистон 5,1 индекс билан рейтингда 101-ўринни эгаллаган. Бу борада Ўзбекистон АҚШ (97-ўрин) ва Россияни (58-ўрин) ортда қолдирган.

МДҲ мамлакатлари орасида Озарбайжон – 118-ўрин (4,84), Грузия – 123-ўрин (4,71) ва Арманистон – 128-ўрин (4,63) Ўзбекистондан юқори кўрсаткични қайд этган.

Рейтингнинг "юқори учталиги"ни Эрон (8,61), Афғонистон (8,51) ва Тожикистон (8,19) банд этган бўлса, энг қуйи 3 ўринда Финляндия (3,05), Литва (3,62) ва Эстония (3,82) жой олган.

Рейтинг мамлакат банк тизимининг жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш бўйича имкониятларини, коррупцияга мойиллик, давлат ва молия секторлари фаолияти шаффофлиги, шунингдек, амалдаги сиёсий тузум ва маҳаллий қонунчиликнинг ўзига хосликларини бевосита қамраб олади.

Базель институтининг рейтинги мамлакатларнинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини FATF, Жаҳон иқтисодий форуми, Жаҳон банки, Transparency International каби очиқ манбалар, шунингдек, рейтингга киритилган мамлакатларнинг статистикаси асосида баҳолайди.