АҚШ ва Исроил ҳукуматлари ҳарбий ёрдам борасидаги музокараларнинг кўплаб мунозарали бандлари бўйича келишувга эришган ва тез орада ушбу соҳадаги ҳамкорликни яна 10 йилга узайтириш бўйича якуний хулосага келади, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги америкалик мулозимга асосланган ҳолда. 

Қайд этилишича, Американинг Исроилга янги ҳарбий ёрдам тўплами бир неча миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Мулозимнинг сўзларига кўра, томонларнинг ушбу масаладаги 3 кун давом этган музокаралари, Исроил миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари вазифасини бажарувчи Яаков Нагелнинг АҚШ президенти миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс билан учрашувидан сўнг якунланган.

АҚШ ва Исроил ўртасидаги ҳарбий ёрдам бўйича аввалги шартнома 10 йиллик муддат билан 2007-йили имзоланган эди. Бироқ, иккала томон ҳам мазкур келишувни узайтиришни хоҳлаётган бўлса-да, ҳарбий ёрдам қиймати борасида келиша олмаяпти.