KOICA - Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Тошкент халқаро аэропортининг янги йўловчи терминали (Тошкент-4)ни қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишни якунлади. Бу ҳақда, Миллий авиакомпаниянинг ахборот хизмати хабар қилмоқда. 

Шу муносабат билан ташкил этилган анжуманда, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ботир Зокиров, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Квон Ён У, KOICA ва ушбу лойиҳага жалб этилган Корея компаниялари консорциуми вакиллари, шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси раҳбарияти ва мутахассислари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари қатнашди. 

Ўзбекистон ҳукумати режасига кўра, янги Тошкент-4 аэропорти эскирган Тошкент-2 аэропортини алмаштириши ва Марказий Осиёдаги боғловчи аэропортга айланиши керак

Янги терминал 3 йил ичида, яъни 2019 йил охиригача қуриб битказилади. Лойиҳа қиймати 336,443 млн долларни ташкил қилади. 

Майдони 86,94 минг квадрат метрлик терминал фойдаланишга киритилгандан кейин ҳар йили 5,7 млн йўловчига хизмат қила олади. 

Лойиҳанинг бош менежери Ким Донг Чел (Инчхон аэропорти) лойиҳани тақдим қила туриб, лойиҳачилар дунёда энг яхши аэропортлардан бири деб ҳисобланувчи Инчхон аэропортини қуриш ва бошқаришда олинган тажрибадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати талабларига жавоб берувчи оптимал режани тузиш ва натижаларга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширганларини таъкидлаб ўтди. 

UzReport телеканалининг маълум қилишича, дизайнерлар ғоясига кўра, терминал юқоридан Хумо қушининг ёйилган қанотларини эслатади. Терминал 36 та самолётга мўлжалланган перрон ва 1700 машинага мўлжалланган автотураргоҳни ўз ичига олади ва соатига 1500 кишига хизмат кўрсата олади.