Япония бош вазири Шинзо Абэ милитаристик қарашлари билан маълум бўлган Томоми Инадани мамлакатнинг янги Мудофаа вазири этиб тайинлагани Хитой ва Жанубий Корея томонидан эътирозларни келтириб чиқариши мумкин.

Reuters хабарига кўра Либерал-демократик партия вакили бўлган Инада хоним Абэни мамлакат конституциясига ҳарбий ислоҳотлар борасида ўзгартиришлар киритиш бўйича қўллаб-қувватлайди. У ҳам Японияни Иккинчи жаҳон урушидан кейин таҳқирланган деб ҳисобловчи ватанпарварлардан ҳисобланади.

Агентликнинг қайд этишича, у тез-тез Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган япон ҳарбийлари хотирасига бунёд этилган Ясукунидаги ибодатхонага ташриф буюради.

Иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлганидан кейин Япониянинг алоҳида армияга эга бўлиши чекланганди. Конституциянинг тўққизинчи моддасида бу қайд этилган.
Япония ҳудудида америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган. Улар мамлакат хавфсизлигини таъминлаши кераклиги белгиланган.

Шу билан биргаликда, Японияда ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари мавжуд. Ўз ичига қуруқлик қўшинлари, денгиз кучлари ва авиацияни олувчи бу тузилма таркибида 248 минг киши хизмат қилади. 2015 йилнинг сентябрида парламент бу тузилма кучлари мамлакат ташқарисидаги ҳарбий ҳаракатланиши мумкинлигини тасдиқлаганди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Шинзо Абэ бошчилигидаги коалиция Япониядаги парламент сайловларида ғалаба қилганидан кейин Япония ўз армиясига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.