"Боко Ҳарам" жангарилари етакчиси Абубакар Шекау ҳамон ташкилот раҳбари экани, лекин гуруҳ аъзолари ўзига хиёнат қилгани ҳақида айтди.

У 10 дақиқалик аудиомурожаатида "Боко Ҳарам"га Абу Мусаб ал-Барнавий янги раҳбар этиб тайинлангани ҳақидаги хабарни инкор қилган.

Шекаунинг фикрича гуруҳ ичидаги мухолифлари уни тўнтаришга уринган. 

Би-би-си нашрининг Нигериядаги мухбири Мартин Пэйшенснинг айтишича, "Боко Ҳарам"да қарама-қарши фикрлар пайдо бўлиб, гуруҳ икки лагерга ажралган.

Абубакар Шекау 2009 йилдан буён "Боко Ҳарам" раҳбари ҳисобланади. У гуруҳ асосчиси Муҳаммад Юсуфнинг ўлимидан кейин унинг ўрнини эгаллаган. Унинг раҳбарлиги вақтида ташкилот янада радикаллашди.

Бундан олдинроқ, ИШИД "Боко Ҳарам"га янги раҳбар тайинлагани ҳақида хабар қилинганди.