Евроосиё тараққиёт банки 2017-йил якунигача собиқ иттифоқ ҳудудидаги 58та лойиҳага маблағ ажратади. Унинг жорий сармоявий тўплами — 2 млрд долларни ташкил этади. Банкнинг «Газета.Ru»га маълум қилишича, молия муассасасига асосан инфратузилмалар соҳаси бўйича 1,1 млрд долларлик лойиҳалар кўриб чиқиш учун тақдим этилган. 

Банк сармоя киритадиган ёки ҳамкорликда молиялаштирадиган асосий лойиҳалари жумласига: Экибастуз ГРЭС (Қозоғистон) нинг учинчи блокини қуриш ва модернизация қилиш (376 млн доллар), Россиядаги Тихвин вагон заводи қурилиши (131 млн доллар), Пулково аэропорти реконструкцияси (84 млн доллар), Ғарбий тезюрар диаметрини барпо этиш (156 млн доллар), Белоруссия металлургия заводида прокат бўлимини қуриш (137 млн доллар) кабилар киради.

Сармоя портфелининг қарийб 40 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келса, 23 фоизи Белоруссияга тақдим этилади. Россияда банк ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг умумий қиймати ажратиладиган сармояларнинг 33,5 фоизини ташкил этади. 

Евроосиё тараққиёт банки 2006-йили Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари: Россия, Қозоғистон, Белоруссия, Арманистон ва Қирғизистон томонидан ташкил этилган. Тожикистон республикаси ҳам банк мижози ҳисобланади.