Чимён қишлоғининг Қайилма кўчасида 5 нафар фарзанд, 30 дан ортиқ набира, 20 дан ортиқ чевара-ю, эвараларнинг бобоси истиқомат қилади. 

Отахон анча тетик, гап-сўзлари жойида, ўтмиш воқеаларни яхши эслайди. У Усмон Юсупов номли, Лоғон, Катта Фарғона каналлари қазилишида бевосита иштирок этган. Уруш йилларида фидокорона меҳнат қилиб, фронт ортини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган. 

Бутун умрини далаларда ўтказган, ризқ-насибасини ер билан тиллашиб топган табаррук инсон билан суҳбат қурсангиз, у фақат шундай бахтли, дориломон кунларга етказганига шукр қилади. 

- Болаларим! Меҳнатдан асло қочманглар. Ҳалолликда гап кўп. Эл-юрт олдида  ишлаб обрў топинглар. Чунки, ҳалол луқма еган, халқ хизматида бўлган инсон ҳеч қачон хор бўлмайди. Мен ана шу тамойилларга амал қилиб яшадим, доимо яхши ниятда умид билан кун кечирдим. Юртбошимиз Ислом Каримовнинг умрлари узоқ бўлсин. Чекка ҳудудда яшашимга қарамасдан, ўз эътиборларини менга қаратиб ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида мени “Шуҳрат” медали билан тақдирладилар. Оддий, кекса қишлоқ кишисига бундан ориқ бахт бўлиши мумкинми?! – дейди отахон.