GM Uzbekistan қўшма корхонаси Ravon R2 автомобилларини Қозоғистонда сотишни бошлади.

Манба хабарида айтилишича, 25 июль куни автоуловларнинг бир қисми Олма-отага етказилган.

3 августда Ravon R2 автомобилларининг иккинчи партияси Россия бозорига етказилади.

Ундан ташқари, янги Nexia R3 ҳам Россия бозорига етказиб берилади.

General Motors автомобиллари ичида R3 «Эра-Глонасс» (аварияли вазиятларда фавқулодда жавоб қайтариш тизими) модули сертификатига эга бўлган биринчи модель бўлди.

Россияга май ойида автомобилларни етказиб беришдаги тажрибалар ҳисобга олинган ҳолда компания логистика ва етказиб беришни такомиллаштириш учун бир қатор чораларни қўллади, дейилади хабарда.

Йил давомида GM Uzbekistan қўшма корхонаси МДҲнинг бошқа етакчи бозорларида ҳам Ravon брендининг дилерлик тармоқларини кенгайтириш ишларини давом эттиради. Жумладан, августда бренднинг Украинадаги тақдимоти ўтказилади.