Электрокарлар ишлаб чиқарувчи Tesla Motors Inc компанияси 2016 йилнинг биринчи ярмида керакли миқдорда автомобиллар ишлаб чиқара олмаганини тан олди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Компания ҳисоботига кўра, у 80 мингта режалаштирилган автомобиль ўрнига 30 мингта автомобиль ишлаб чиқара олган. 2016 йилнинг 2-чорагида мижозларга 17 мингта автомобиль етказиб бериш мақсад қилинганди, бироқ 14 мингтага яқин, жумладан 9764 та Model S ва 4638 та Model X етказиб берилган.

"Йилнинг биринчи ярмида қийин аҳволда эдик. Июнда биз бу ҳолатдан қисман чиқиб олдик ва ҳозирда конвейер ишламоқда, етказиб берувчилар эса бизга панд беришмаяпти", деб айтди компания раҳбари Илон Маск.

2-чорак якунларига кўра компаниянинг соф зиёни 293,2 млн долларни ташкил қилган. Шу билан бирга компаниянинг тушуми 33 фоизга ошиб, 1,3 млрд долларга етган.  

Маск шунингдек етказиб берувчи компаниялар Model 3’ни ишлаб чиқаришдаги вазифаларини эплай олмасалар, улар билан шартномаларни бекор қилиб, компанияни қайта ташкиллаштиришга тайёрлигини айтган. 

Аввалроқ Маск автомобиллар ва маиший фойдаланиш учун мўлжалланган аккумулятор батареяларини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг катта завод – Tesla Gigafactory’ни тақдим қилганди.