АҚШ Давлат котиби Жон Керри Аргентина пойтахти Буэнос-Айресдаги матбуот-анжуманда АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятининг Эронга 400 млн доллар нақд пул бериш қарорини ҳимоя қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Шу билан бирга Керри пуллар Теҳрон томонидан америкалик маҳбусларни озод қилишга йўлланган пул бўлгани ҳақидаги ахборотни рад этди. 

"АҚШ гаров пули тўламайди", деб айтди Керри. Унинг айтишича, пуллар Эроннинг Гаага трибуналида АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро даъволарни кўриб чиқиш бўйича Эроннинг шикоятлари доирасида амалга оширилган.    

Аввалроқ The Wall Street Journal АҚШ маъмурияти жорий йил бошида Эронга 400 млн доллар нақд пул бўлган самолётни жўнатганини маълум қилганди.

Таъкидланишича, бу бортида 400 млн долларга тенг хорижий валюта ортилган, таниш белгиларига эга бўлмаган юк самолёти бўлган. Нашр маълумотларига кўра, Эрон бу пулларга 4 нафар америкалик маҳбусни озод қилиш учун транш сифатида қараган бўлиши мумкин, бироқ Оқ уй бу боғлиқликни рад этмоқда.