Дунёда дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи энг йирик компания Microsoft ўзининг булутли хизматлари иши учун ишлатадиган ахборот марказлари қуришга инвестицияларни икки мартага кўпайтирмоқчи. Бу ҳақда компаниянинг шарқий давлатлар бўйича вице-президенти Карен Дель Весково маълум қилди. 
 
Унинг айтишича, компаниянинг молиявий директори 2016 йилда ахборотни қайта ишлаш марказларини қуриш учун 15 млрд доллар ажратган. Бир йил аввал шу мақсадда 8 млрд доллар ажратилганди. 

Весковонинг айтишича, Microsoft’нинг ахборот марказлари 34 та давлатда жойлаштирилган, бу эса Amazon Web Services ва Google’нинг биргаликда олинган ахборот марказларидан 2 марта кўпроқни ташкил қилади.  

Весковонинг маълум қилишича, компаниянинг ахборот марказлари компаниянинг булутли платформаси Azure’да ишга туширилган 1,6 млн та SQL маълумотлар базасини, ҳар ой Azure Internet of Things платформаси орқали 2 трлн та хабарни, кунига 777 трлн та маълумотлар узатиш жараёнини ва Azure Active Directory хизматининг 500 млндан кўпроқ фойдаланувчисининг операцияларини қайта ишлайди.

Айни вақтда Azure фойдаланувчилари сони ҳар ой 120 мингтага кўпаймоқда. Fortune 500 рўйхатига кирувчи етакчи компанияларнинг 85 фоизи Microsoft’нинг булутли маҳсулотларини жорий қилган, улардан 60 фоизи уч ёки ундан кўпроқ шундай маҳсулотлардан фойдаланади.