Мустақиллик йилларида Нукус шаҳрида барпо этилган муҳташам ва салобатли бинолар, маданий-маиший ва саноат иншоотлари, замонавий меъморий андозалардаги кўп қаватли турар жойлар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ана шундай муҳим иншоотлардан бири – Нукус темир йўл вокзалида 5,5 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.

Замонавий меъморий андозаларга мос тарзда қайта бунёд этилган вокзал биносида бир вақтнинг ўзида 400 йўловчига, бир кеча-кундузда эса 1 минг 800 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш учун 6 йўлак барча қулайликка эга бўлди.

Йўловчилар учун VIP кутиш заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, меҳмонхона типидаги дам олиш хоналари, савдо шохобчалари қурилди. Поездлар йўналиши ва қатнови тўғрисида ахборот берадиган электрон маълумотлар таблоси ўрнатилди. 1,4 гектар майдонни эгаллаган вокзал ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Гулга бурканган ям-яшил хиёбон ўртасида замонавий фаввора қурилиб, йўловчиларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун қулайлик яратилди. 550 метрлик икки перронга замонавий плиталар тўшалди.