Дания терма жамоасининг 2016 йилги Олимпиадада иштирок этиш учун борган делегацияси раҳбари Мортен Родвитт Рио-де-Жанейрода ташкил қилинган Олимпия қишлоғида амалга оширилаётган тўхтовсиз ўғриликлардан шикоят қилди.

"Биз хизматчи ходимлар сонини ошириш бўйича мурожаат қилганимиздан кейин бизни янада кўпроқ тунай бошлашди", — дея Родвиттнинг сўзларини келтиради The Local.

Терма жамоа аъзоларининг мобил телефонлари, кийимлари, шахсий буюмлари ва ҳатто ёпинчиқлари ўғрилаб кетилмоқда. Шунингдек, Норвегия делегацияси раҳбарининг iPad планшети ғойиб бўлган.

Дания ҳандбол ассоциацияси раҳбари Олимпия қишлоғидаги шароитлардан шикоят қилган. У номерлар ифлослиги ҳамда ювиниш хоналаридаги шароитлар қониқарсиз экани ҳақида гапирган.