Америкалик ҳарбий экспертлар солиқ тўловчиларнинг оз эмас, кўп эмас нақд 13 млрд доллар маблағини "Жеральд Форд" каби ўта қиммат лойиҳаларга сарфлаш ўзини нақадар оқлаши борасида шубҳа қилишмоқда. Ахир, у юқори технологияли урушнинг биринчи кунидаёқ ишдан чиқиб, бир уюм темир парчаси бўлиб қолса, бундан не наф, деб ёзади The National Interest журнали.

Авиаташувчининг асосий кучи унинг зарба берувчи авиагуруҳидадир. "Супер Ҳорнет" F/A-18E/F палуба бомбардимончи самолёти ва F-35 қирувчиси 2030-йилги урушда самара бермайди, деб ҳисобламоқда таҳлилчилар. 

"Агар бу авиаташувчи кемалар юқори технологияли урушнинг биринчи кунидаёқ, A2/AD ҳудуди ичида (чеклов ва тақиқ ҳудуди) ҳам жанг қила олмас экан, 13 миллиард долларни сарфлаш шартмикан?" — дейди Янги Америка хавфсизлик маркази стратегик мудофаа дастурлари директори (Center for a New American Security) Жерри Ҳендрикс.

Янги услубдги жангларда авиаташувчи кеманинг авиақаноти (самолётлар турадиган қисми) модернизация қилинмас экан, ҳеч қандай устунликка эга бўлмайди, деб қўшимча қилган Ҳендрикс.

Яна бир эксперт, FerryBridge Group консалтинг фирмаси ижрочи директори Брайан МакГрат ҳам унинг фикрига қўшилган. 

"Авиаташувчи кема шунчаки сузувчи аэропорт эканини унутмаслик керак. Унинг асосий жиҳати авиақанотидир".

Авиаташувчи кемаларда узоққа учадиган авиациянинг учувчисиз парвоз қилувчи, зарба берувчи самолётлари пайдо бўлиши муаммонинг ечими бўлиши мумкин, деб тахмин қилади МакГрат. Айни чоғда, бундай самолётларга эътибор бериладиган бўлса, JSF (Joint-Strike Fighter) дастури самолётлари, хусусан F-35лар билан боғлиқ техник муаммолар пайдо бўлади. 

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари эса, JSF дастуридан четга чиқишдан қўрқиб, палубадаги учувчисиз самолётларга иккинчи даражали вазифаларни топширмоқда. Яъни улардан ёнилғи қуйиш ёки айғоқчилик мақсадларида фойдаланиш ниятида.