Тошкентда салбий экологик оқибатларнинг олдини олиш мақсадида давлат экологик экспертизасидан ўтказиш мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган 55 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг бир қисми атроф-муҳитга салбий таъсир ўтказиши аниқланган. Бугунги кунга қадар уларнинг 8 мингга яқини экологик экспертизадан ўтказилган бўлиб, бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган етти ойида 1 минг 200 дан зиёд тадбиркорлик субъекти экспертизадан ўтказилган.  

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига асосан мўлжалланаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятни амалга оширишдан олдин бундай фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш мажбурийлиги, давлат экологик экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари, унинг объектлари ва турлари каби масалалар юзасидан тушунчалар берилди.