Тожикистон ҳуқуқ идоралари "Комсомольская правда" нашрининг россиялик журналисти Сергей Пономаревга нисбатан жиноий иш қўзғатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Республика ҳукумати унинг лавҳасини миллат ва давлатни таҳқирловчи деб баҳолаган. Унга нисбатан миллатлараро норозилик кайфиятини қўзғаш айби илгари сурилиши мумкин, деб ойдинлик киритган Бош прокурор Юсуф Раҳмон.

"Тожикистон Бош прокуратураси россиялик журналист Сергей Пономарёвнинг "Комсомольская правда" газетасида чоп этилган "Тажикистан: из советского прозябания в светлое будущее" мақоласини ўрганиб чиқмоқда. Агар, текширув натижасида мамлакат ва миллат шаънига доғ туширувчи сўзлар мавжуд бўлса ва туҳматлар қилинган бўлса, журналист Пономарёвга нисбатан жиноий иш қўзғатилади", — деган Бош прокурор. 

Аввалроқ, айнан шу мақола туфайли Тожикистонда "Комсомольская правда" газетаси чоп этилиши ва тарқатилиши тўхтатилган эди. Хусусан, муаллиф мақоласида Тожикистонни “равшанлар ва жамшутлар ватани” деб атайди. У, шунингдек, гўёки Кремлга Тожикистон раҳбариятини ўзгартиришни ҳам тавсия қилган.