Россиянинг Старополь шаҳридаги "Космос" жамоаси 10 ёшдан 19 ёшгача тоифалардаги жамоалар иштирокидаги Norway Cup турниридан четлатилди. Бунга турнир ўйинларидан бирида келиб чиққан жанжал сабаб бўлди.

Россияликлар норвегиялик рақибларини калтаклашган. Россияликлар жамоасига 0:3 ҳисобидаги техник мағлубият ёзилган. Бундан ташқари "Космос" жамоасига 2000 крона (15 минг рубль — таҳр.) миқдорида жарима қўлланган, шунингдек бу жамоа келгусида Норвегиядаги турнирларда иштирок этмаслиги белгилаб қўйилган.

Норвегияликлар жамоаси мураббийи Тронда Лервикнинг сўзларига кўра,  "Космос" дарвозабони майдондан четлатилгач, россиялик футболчилар рақибга ташланишган. Жанжал туфайли ўйин ҳаками ўйинни давом эттира олмаган. Лервик шогирдларини рақиблардан ажратиб, майдондан олиб чиқиб кетган ва полицияни чақиришга мажбур бўлган.

Манба: Tribuna.uz