Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кам учрайдиган касалликларни даволашда қўлланадиган 129 дорининг рўйхати тасдиқланди, деб маълум қилинди вазирлик матбуот хизматида РИА “Новости” ахборот агентлигига.   

"Дори воситаларининг 129 та халқаро-патентланмаган номларидан иборат рўйхатнинг тасдиқланиши келгусида орфан (кам учрайдиган) касалликларга эга аҳоли эҳтиёжманд тоифасининг бу дори воситалари билан таъминлаш масаласини ҳал қилишга имкон беради", дейилди матбуот хизматида.  

Вазирлик вакилининг айтишича, 2016 йил бошида "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги қонунга кам учрайдиган касалликларни даволаш учун орфан дори воситаларидан фойдаланишни белгиловчи меъёрлар киритилганди. Аввалроқ бу меъёрлар қонунчиликда кўзда тутилмаган бўлган.  

"Бу кам учрайдиган касалликларни даволаш тадбирларини специфик дори воситалари билан бажариш учун уларни Ўзбекистонга импорт қилиш имконияти пайдо бўлди", деб маълум қилди вазирлик вакили. Унинг айтишича, қонунга киритилган ўзгаришлар қимматбаҳо орфан дори воситаларининг Ўзбекистонга давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолда олиб кирилишини амалга оширишга имкон берди. 

Ўзбекистонда 100 минг аҳолидан 10 нафардан камроғида учрайдиган касалликлар кам учрайдиган касалликлар ҳисобланади. Бу касалликлар рўйхатида лимфоид, қон яратувчи ва уларга яқин  тўқималарнинг ёмон сифатли ўсимталари, гемофилия, лепра, Вильсон-Конавалов синдроми ҳамда тана аъзолари ва тўқималарнинг трансплантациясидан кейинги ҳолат кабилар бор.