Юртимизнинг бошқа вилоятлари сингари Андижонда ҳам миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш ўзгача. Айни пайтда  вилоятнинг барча туман, шаҳар, қишлоғу-маҳаллаларида истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи муносабати билан турли тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Андижон тумани, Оқёр қишлоғи ҳудудидаги Полосон маҳалла аҳли томонидан байрам олдидан уюштирилган футбол мусобақаси жуда намунали ташкил этилди. Ушбу маҳаллани том маънода-спортсеварлар маҳалласи, десак муболаға бўлмаса керак. Бу ерда улғайган ҳар бир йигит албатта, футбол билан шуғулланади. Маҳалла номи билан аталувчи жамоа тузилганига ҳам мана 20 йил бўлибди.

Мусобақада Андижон шаҳри ва ва қўшни туманлардан 16 та  жамоа иштирок этгани ўйинларга кўплаб мухлисларнинг ташриф буюришига омил бўлди. Ёш, навқирон ва иқтидорли ўйинчилардан ташкил топган жамоалар ҳам ишқибозлар кутган футбол намойиш этиб бердилар.

Финал ўйини ўтказиладиган 20-сонли умумий таълим мактаби стадионига йиғилган тумонат мухлисни унча-бунча олий ва биринчи лига ўйинларида учратавермайсиз. Қарангки, оддийгина, самимий ва беғубор - маҳаллараро ўтказилган турнирнинг асосий баҳсига уч мингдан зиёд мухлис ташриф буюрибди.

 Икки ҳафта давомида майдонда тўп сурган йигитлар шу ердаги аҳоли учун қаҳрамонларга айланиб бўлибдилар. Финал ўйинида иштирок этувчи “Полосон” ва “КФК” жамоаларини қўллаб-қувватлаб туриш учун мухлислар ўз ёқимтойларини карнай-сурнай садолари остида қўллаб туришди. Фикримизча, тадбирга бу даражадаги катта эътибор биринчи навбатда ташкилотчилар сайи-ҳаракатларининг самараси эди.

-Маҳалламизда спортнинг барча турларига ва айнан футболга қизиқадиган ёшлар кўплаб топилади, - дейди турнир ташкилотчиси Фаррухбек Марупов. Ҳудуддаги ёш авлод ва аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида мана шундай мусобақаларни ташкил этмоқдамиз.

Маҳалла оқсоқоллари дуоси билан бошланган ўйин шиддатли ва қизиқарли ўтди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, пенальтилар серияси тепилиб унда меҳмон жамоа ғалаба қозонди.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икромжон Қўшоқов сўз олиб, барча иштирокчилар ва томошабинларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Турнир ғолиб ва совриндорларига берилган совринлар ҳам ўзбекона ташкил этилибди. Биринчи ва иккинчи ўринни олган жамоаларга қора қўчқор, учинчи ўринни олган “Қўшариқ” йигитларига гилам совға қилинди.

- Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган турниримиз байрамона тарзда ўтди,-дейди маҳалла оқсоқоли, Икромжон ота. Маҳалла аҳли баҳамжиҳат бўлса, ҳар қандай тадбирни ўтказишда муаммоларга дуч келмайсиз. Шу ўринда мусобақани ташкил этишда катта кўмак берган ҳомийларимиз: Фаррухбек Марупов, Адҳамжон Жалолов, Акрамжон Рожиддинов, Абдуқаҳҳор Мадаев. Ҳусанжон Эсонов, Ойбек Аҳмедовларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

Истиқлолимизнинг чорак асрлик байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирдан бир олам тассурот билан қайтдик.

Элмурод Эрматов, Андижон