Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) бош котиби Пан Ги Мун 2016 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган қочқинлар терма жамоаси билан учрашади. Бу ҳақида БМТнинг расмий сайтида маълум қилинди. 

Пан Ги Мун қочқинлар терма жамоасига мурожаат қилиб, айнан шу жамоа барча учун илҳом манбаси бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. 

Қочқинлар жамоаси тарихда биринчи марта Ўйинларда иштирок этишади. Терма жамоа таркибига 2 нафар суриялик сузувчи, Конго Демократик Республикасидан 2 нафар дзюдо устаси ва Эфиопия ҳамда Жанубий Судандан 6 нафар югуриш мусобақалари иштирокчилари киритилган. Қочқинлар жамоаси 2016 йилги ОЎда Олимпия байроғи остида қатнашишади. 

“Сизнинг қайғули ва даҳшатли тарихингиз борлигини биламан, бироқ сизлар кўпчилигимиз учун илҳом манбаси бўлиб хизмат қиласиз. Сиз кўп инсонларга умид бағишлай оласиз”, - деди БМТ бош котиби. 

2016 йилги Олимпия ўйинлари 5-21 август кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади.