3 ҳафта аввал, 16-июль куни Туркияда амалга оширилган давлат тўнтаришига уриниш мамлакатга қанчага тушганига Россиянинг РИА Новости агентлиги ойдинлик киритишга ҳаракат қилиб кўрди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга қарши исён юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди. Молиявий зарарлар эса миллиардлаб долларни ташкил этмоқда. Исённинг яна бир катта талофати кадрлар масаласидир. Ғаразгўйларнинг асосий макони ҳисобланган армиядан тортиб бошқа барча маъмуриятларда ҳам 
тозалаш ишлари ўтказилмоқда. 

Туркия ҳукумати маълумотларига ҳарбий исёнда 246 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Икки мингдан ортиқ одам жароҳатланган. Қайд этиш лозимки, давлат тўнтариши ташкилотчилари томонида ҳалок бўлганлар бу ҳисобга киритилгани йўқ. 

Мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етган. "Агар биз барча самолётлар, вертолётлар, қуроллар, бомбалар ва (вайрон бўлган) биноларни ҳисобласак, уларнинг таннархи камида 300 миллиард лир (100 миллиард доллар) бўлса керак", — деган Туркия савдо ва божхона вазири Булент Туфенкчи.

Туркияда давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, ҳибсга олишлар тўлқини бошланиб кетди. Июль ойи охирига кўра, ушланганларнинг сони 25 мингдан ортиб кетган. ИИВ Эфкан Алининг сўзларига кўра, исёндан сўнг 26 мингга яқин киши ушланган, деб хабар қилган Anadolu агентлиги. Улардан 10 мингга яқини ҳибсда сақланмоқда. 

Бундан ташқари, мамлакат ҳукумати кўрсатмаси билан, 74562 кишининг паспорти бекор қилинган. Улар эндиликда мамлакатни тарк эта олишмайди. 
Генераллар сафи эса, тенг ярмига тозаланган. Ҳарбий исёндан сўнг, 163 генерал ва адмирал қўлга олинган — улар умумий ҳарбий мулозимларнинг ярмини ташкил этади. Умуман, Resmi Gazete нашрига кўра, 1684 нафар офицер вазифасидан озод этилган.

Айтиш жоизки, Туркия армияси йириклиги бўйича НАТОда иккинчи, Европада биргина Россиядан кейинги ўринда туради. 2014-йилги маълумотга кўра, унинг сафида 610 минг киши бўлган. Ундан кейин келувчи Франция ва Британия армиясида ҳарбий хизматчилар сони 3 баравар камдир. 

Умуман, мамлакат бош вазири Бинали Йилдиримнинг сўзларига кўра, давлат тўнтаришига оид суриштирув ишлари доирасида 58611 киши вазифасидан озод этилган. Anadolu агентлиги бу борада 66 мингдан ортиқ киши деган рақамни келтиради. Энг кўп ишидан маҳрум бўлганлар таълим соҳасига тўғри келади. 43 мингга яқин киши. Бундан ташқари, 1669 та таълим муассасаси ва тураржойларни ёпиш тўғрисида кўрсатма берилган, деб хабар қилган эди Haberturk телеканали. 

ИИВ сафидан  8,8 минг ходим, соғлиқни сақлаш соҳасидан 5,6 минг хизматчи,  молия вазирлигидан 1,5 минг киши вазифасидан озод этилган. Дин ишлари қўмитасининг 1,1 минг нафар ходими ишдан бўшатилган. Мудофаа, энергетика, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, транспорт вазирликларининг ҳар биридан мингга яқин ходимлар ҳайдалган. Туркия ТИВнинг 88 нафар хизматчиси ҳам шулар қатори бошқа иш қидиришга мажбур бўлмоқда. 

Исёнга уриниш ОАВ сафида ҳам кенг қамровли тозалаш ишлари ўтказишга олиб келди. Туркия ҳукумати 3та ахборот агентлигини ёпишга буйруқ берган, 16 телеканал, 23 та радиостанция, 45та газета ва 15та журналнинг ҳам фаолияти тўхтатилди. 20 дан ортиқ янгиликлар сайтига кириш тўсиб қўйилган, 29 нашриётнинг лицензияси бекор қилинган.