5 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида "Миллий тикланиш" фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедовнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни ижроси” бўйича парламент эшитуви ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати” тўғрисидаги Қонунида белгиланган ваколатлардан келиб чиққан ҳолда ташкиллаштирилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан мамлакатда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда маданий меросни муҳофаза қилишга, уларни оригинал кўринишда сақлаб қолишга ҳамда инсониятнинг умумий маданий мероси билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.