Эрон президенти Ҳасан Руҳоний якшанба куни Бокуга йўл олади. У душанба кунида Озарбайжон ва Россия раҳбарлари Илҳом Алиев ҳамда Владимир Путин билан учрашув ўтказади. Бу ҳақда ИРНА агентлиги Эрон президенти маъмурияти вакили Парвиз Исмоилийга асосланиб хабар берган.

"Хўжатулислом Ҳасан Руҳоний душанба куни Владимир Путин ҳамда Илҳом Алиев билан учрашувда учтомонлама ҳамкорлик масалаларини, жумладан савдо, энергетика, телекоммуникация, атроф-муҳит муҳофазаси ва терроризмга қарши кураш каби соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама этади. Президентимиз Владимир Путин билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказади. Унда икки томон манфаатларига доир масалалар кўриб чиқилади", деган манба.

Шунингдек, Эрон президенти ташрифи давомида Озарбайжонда Эрон билан ҳамкорликда ташкил қилинган саноат ва қурилиш корхоналарининг фойдаланишга топширилиш маросимлари ўтказилади.