Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети билан ҳамкорликда мустақиллик йиллари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танловини ўтказади. 

Танловнинг ҳудудий босқичида 2016 йилнинг 1 январидан 2016 йилнинг 1 сентябргача газета ва журналларда босилган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўрсатилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материаллар 2016 йилнинг 10 сентябрига қадар қабул қилинади. Ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Танловнинг республика босқичи Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилади. Республика босқичи ғолиблари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар орасидан танлов асосида сараланади. Танловнинг ўтказилиш вақти ОАВда эълон қилинади.

Танловнинг республика босқичида ғолиб, деб топилганлар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

Бош мукофот. Тинчлик ва осойишталикни қадрлаш мавзусидаги энг яхши ижодий иш. Ғолиб махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади. 

Асосий мукофотлар:

Энг яхши ижодий иш учун мукофот (телевидение – 1 -, 2-, 3- ўринлар);      

Энг яхши ижодий иш учун мукофот (радио – 1-, 2-, 3- ўринлар);  

Энг яхши ижодий иш учун мукофот (даврий матбуот – 1-, 2-, 3- ўринлар);

Энг яхши ижодий иш учун мукофот (интернет – 1-, 2-, 3- ўринлар);

Энг фаол тарғиботчи (1-, 2-, 3- ўринлар);  

Ғолибларга асосий мукофотларга қўшимча тарзда ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ҳам топширилади.    
Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда Интернетда эълон қилинган ишлар тақдим этилади (3 тадан кам бўлмаслиги керак). 
Телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи воситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак. 

Радиоэшиттиришлар (аудиокассета ёки системали диск) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак. 
Матбуот ва Интернет материаллари даврий нашрнинг асл нусхаси ёки кўчирма нусхасида тақдим этилиши лозим. 
Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қилинади: 

- муаллифнинг исми-шарифи, ўз соҳасида олиб бораётган фаолияти тўғрисида қисқача маълумот; 
- муаллифнинг турар жойи, уй ва иш телефон рақамлари;      
- паспорт нусхаси. 

Танловда иштирок этувчиларнинг материаллари Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уйга топширилади. Тел.: 150-64-33

Манба: muslim.uz