Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев террорчилик ва экстремизм учун жазоланганлар фуқароликдан маҳрум этилиши кўзда тутилган қонунни имзолади. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати маълум қилди.  

Унинг маълумотларига кўра, Атамбаев "Қирғизистон Республикасининг террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. 
 
Ўзгартиришлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят ва жиноят-процессуал кодексларига, "Террорчиликка қарши курашиш тўғрисида"ги, "Экстремистик фаолиятга қарши курашиш тўғрисида"ги, "Қирғизистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги ва "Давлат пенсия ижтимоий суғуртаси тўғрисида"ги қонунларга киритилади.  

Қонун расман чоп этилгандан кейин 10 кундан кейин кучга киради.