Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев турк мухолифи Фатҳулла Гулен билан алоқадор бўлиши мумкин бўлган мамлакатдаги барча мактабларни текширишга ваъда берди. Бу ҳақда у Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.    

"Қозоғистондаги барча мактаблар давлат томонидан назорат қилинади. Улардаги 90 фоиз ўқитувчилар мамлакатимиз фуқаролари, мактабларнинг ўзи эса ҳудудий бюджетлардан молиялаштирилади. Шунинг учун биз Туркияга қарши ишлайдиган ҳеч кимни қўллаб-қувватламаймиз. Биз бундай барча мактабларни текширамиз, бунинг учун таълим вазирликларимиз мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳларни тузамиз", деб айтди Назарбоев.  

Назарбоев Туркиядан келган ўқитувчиларнинг Гулен тузилмалари билан алоқадорликлари аниқланса, улар ортларига қайтарилишларини қўшимча қилди. Назарбоевнинг айтишича, агар мактабларда Туркияга қарши бўлганлар аниқланса, уларга нисбатан чоралар кўрилади.