Нейрофизиологлар қушларнинг парвоз вақтида мияни буткул ўчириб, ухлай олиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлашди. Бунинг учун улар деярли ҳаётининг барча қисмини самода ўтказадиган фрегатларнинг мия фаоллиги даражасини ўрганиб чиқишди. Бу ҳақида Nature Communications журналида маълумот берилди

“Фрегатлар кунига атиги бир соат мияни буткул ўчириб ухлашади. Улар нима учун бунчалик кам ухлашади ва қандай қилиб ҳеч қандай муаммосиз бунинг уддасидан чиқишади – бу жумбоқлигича қолмоқда”, - деди Зеевизендаги (Германия) Орнитология институтида фаолият олиб борувчи Нильс Раттенборг. 

Раттенборг ва унинг ҳамкасблари фрегатларнинг хатти-ҳаракатларини ва катта фрегатлар мия фаолиятини кузатиб, қушларнинг қандай қилиб ухлаши ва кеча-ю кундуз тинимсиз самода парвоз қилиши сирларини очишга муваффақ бўлишди. 

Фрегатлар кўп бўлган Галапагос оролларига йўл олган олимлар парвоз давомида фрегатларнинг мия фаолиятини кузатишга имкон берувчи махсус қурилмани ишлаб чиқишди ва уни қушнинг бошига мустаҳкамлашди. Олимларнинг сўзларига кўра, бундай “дубулға”га нафақат электроэнцефалограф, балки GPS датчиги ҳам ўрнатилган. Бу эса орнитологларга фрегатларнинг қаерда бўлгани ва парвоз давомида нималар қилганини аниқлашга имкон беради.

Қушлар ортга қайтганида мақола муаллифлари уларнинг “дубулға”лари ёрдамида тўпланган маълумотларни ўрганиш имконига эга бўлишди, уларни қизиқ янгилик кутиб турганди – маълум бўлишича, фрегатлар парвоз давомида мияни буткул ўчириб қўйиб, ухлай олишар, бу вақтда ҳаво оқими уларни тепада сақлаб турар экан. 

Бундай кашфиёт олимлар учун кутилмаган янгилик бўлди – ўрдаклар ва бошқа қушларни кузатиш ишлари шуни кўрсатдики, улар ўнг ва чап ярим шарларини навбатма-навбат ўчириб қўйиб, уйқусизликдан қочишар экан. Шу боис олимлар “қушлар парвозда назоратни қочирмаслик учун миянинг битта ярим шари ишлаб туриши керак”, деб ҳисоблашарди. 

Фрегатлар билан олиб борилган тадқиқот бундай тасаввурни инкор қилди. Олимларнинг хулосасига кўра, фрегатлар бир кеча-кундузда атиги бир соатгина мияни тўлиқ ўчириб, парвозда ухлашар экан. 

Қушларнинг қандай қилиб бундай қила олиши ҳозирча номаълум. Раттенборг бошчилигидаги гуруҳ фрегатларни кузатишда давом этиб, мазкур саволга жавоб изламоқда.