Mercedes-Benz компанияси электрокарлар ишлаб чиқарилувчи алоҳида суббренд яратади. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Айни вақтда немис компанияси раҳбарияти ўзининг янги электрокарлар қатори учун ном изламоқда. Аввалроқ компания тўлиқ электр куч қурилмасига эга камида 4 та модель – 2 та седан ва 2 та йўлтанламас негизига ётадиган янги платформа яратаётгани маълум қилинганди. 

Норасмий маълумотларга кўра, ушбу платформа EVA деб номланади. Унда C-Class ва S-Class оилалари учун қўлланадиган MRA модель шассисининг бир қатор компонентлари қўлланади. Немислар янги лойиҳага 2 млрд евро инвестиция қилишмоқчи.

Биринчи прототип 2016 йил октябрда Париж автосалонида намойиш қилинади. Бу машина ўрта ўлчамдаги йўлтанламас бўлиб, унинг серияли версияси Tesla Model X’га рақобат ташкил қилиши мумкин бўлади. Кроссовер аккумуляторни қайта қувватлашсиз 500 км йўл ўта олади.

Электромобилларнинг серияли ишлаб чиқарилиши Бремендаги корхонада йўлга қўйилади. Бу заводда шунингдек GLC кроссоверининг водород ёнилғи ячейкаларига асосланган двигателли янги модификацияси ишлаб чиқарилади.

Mercedes-Benz GLC F-Cell прототипи 2016 йил июнда намойиш қилинганди. Йўлтанламас водород учун иккита ёнилғи баки олди, у 3 дақиқа ичида тўлдирилади. Бундан ташқари, прототип 9 киловатт-соатлик литий-ионли батарея билан жиҳозланди, бу батарея маиший электр тармоқдан қувватланиши мумкин.