Mitsubishi компанияси ўзининг янги концепт-карининг илк суратларини чоп этди. XM деб номланган компактвэн япон маркасининг бошқа прототипи, 2015 йилда Токио автосалонида тақдим қилинган eX кроссовери услубида яратилган.

XM прототипи eX’дан кузови шакли ва узунлиги ҳамда эшикларининг жойлашиши билан фарқ қилади. Бундан ташқари, янги машина 7 йўловчини сиғдира олади. XM‘нинг олд қисми кроссоверни деярли тўлиқ қайтаради, фақатгина бампернинг безак элементлари ўзгарган. 

XM’нинг техник кўрсаткичлари ҳозирча сир сақланмоқда. Аввалроқ концепт-кар 400 километр захира юришига эга электр двигатель билан жиҳозланиши мумкинлиги айтилганди. eX кроссовери ҳам шундай двигатель билан жиҳозланган. Бундан ташқари, прототип замонавий электрон ёрдамчилар ва автопилот олади.

Шунингдек, XM’да ён ойналар eX’даги каби видеокамералар билан алмаштирилган.

Mitsubishi XM Concept концепт-кари 11 августда Индонезиядаги автосалонда илк бор намойиш қилинади.