Суриядаги ҳанузгача номаълум бўлган "Маҳбуслар ишлари бўйича умумий жамғарма" (General Foundation for Prisoners' Affairs) гуруҳи унда Сурияда уриб туширилган Ми-8 вертолётида бўлган 5 россияликнинг жасади борлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.   

Маълум қилинишича, ушбу гуруҳ ҳанузгача ахборот кенглигида номи тилга олинмаган ва унинг келиб чиқиши номаълум.
 
Агентлик маълумотларига кўра, гуруҳ россиялик ҳарбийларнинг жасадларини Сурия ҳукумати томонидан назорат қилинувчи турмалардан маҳбуслар ва Ливанда "Хизбуллоҳ" гуруҳи томонидан ушлаб турилган кишиларнинг озод қилиниши эвазига алмашишишини маълум қилган. Озод қилиниши керак бўлган кишилар номи ва сони айтилмаган. 

Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари Сурия ҳукумати ва унга иттифоқдош қўшинлардан ҳудудларни қамал қилишни тўхтатишни ва бу ҳудудларга гуманитар ёрдам етказишни талаб қилган.

Таъкидланишича, ушбу баёнотга гўёки вертолёт экипажи аъзоларининг ҳужжатлари илова қилинган. 

Россия ва Сурия томонидан ушбу ҳолат бўйича ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Хмеймим авиабазасига қайтаётган Ми-8 вертолёти 1 августда уриб туширилганди. Вертолёт бортида 3 учувчи ва 2 зобит бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган.