Рио-де-Жанейродаги Олимпиаданинг очилиш маросимига 45 та давлат ва ҳукумат раҳбари ташриф буюриши кутилмоқда. Юқори мартабали меҳмонлар сони 2008 йилдаги Пекиндаги (80 нафар) ва 2012 йилдаги Лондондаги (70 нафар) Олимпиадалардагидан камроқни ташкил қилмоқда.

Очилиш маросими 5 августда "Маракана" стадионида бўлиб ўтади. Айтилишича, 45 раҳбарнинг иштирок этиши июль охирида Бразилия ташқи ишлар вазири томонидан айтиб ўтилган, бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан расман эълон қилинмаганди.

Аввалроқ Лотин Америкаси давлатларидан Аргентина ва Парагвай президентлари маросимда иштирок этишларини тасдиқлагандилар. Хитой Бразилия билан яқин алоқаларга қарамасдан, Олимпиадага бош вазир ўринбосари бошчилигидаги делегацияни юборади. Европа давлатларидан Германия, Франция ва Португалия президентлари очилиши маросимида иштирок этадилар.