Sport.uz сайти Рио-де-Жанейро олимпиадаси арафасида Ўзбекистон терма жамоасининг аввалги турнирлардаги байроқдорларини эслади

1996 йил, Темур Ибрагимов 

Ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлишдек шарафли вазифани айнан Темур Ибрагимов бошлаб берган. Атлантада ўтган Олимпиадада Темур Ибрагимов Ўзбекистон делегациясини бошлаб чиққанди. 

2000 йил, Муҳаммадқодир Абдуллаев

Андижонлик боксчи Сидней Олимпиадасининг ҳақиқий етакчиси бўлганди. Айнан у “яшил қитъа”да Ўзбекистон терма жамоасига Олимпиада тарихидаги биринчи олтин медални олиб келган. Яна бир қизиқ маълумот: байроқдор бўлган спортчилар орасида фақатгина Муҳаммадқодир Абдуллаев Олимпиадада олтин медал олган. 

2004 йил, Абдулла Тангриев 

Абдулла полвон 2004 йили Олимпиада ватани Грецияда ўтган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини стадионга бошлаб чиққан. Айнан ушбу мусобақада терма жамоамиз 2та олтин медалга сазовор бўлганди. 

2008 йил, Дилшод Маҳмудов 

Пекин Олимпиадасидан сўнг боксчилар байроқдор бўлиш эстафетасини ўз зиммасига олишган. Маҳоратли боксчи Дилшод Маҳмудов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Пекин Олимпиадасининг очилиш маросимида “Қуш уяси” стадионига чиқиб келган. 

2012 йил, Элшод Расулов 

Бундан 4 йил муқаддам Англия пойтахти Лондон шаҳрида ўтказилган 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қўқонлик боксчи Элшод Расулов XXX ёзги Олимпия ўйинларида байроқдорлик қилганди. Бу йилги мусобақада ҳам у иштирок этмоқда. 

2016 йил, Баҳодир Жалолов

Илк бор Жанубий Америкада ўтказилаётган Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида боксчи Баҳодир Жалолов юрт байроғини кўтариб чиқади.