Астана ҳокими Асет Исекешев, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказувчи мулозимларига, йиғилишларни видеокамералари ва овоз ёзувчи қурилмалари бор хоналарда ўтказишга кўрсатма берди. Коррупция имкониятини камайтириш мақсадида шундай чорага қўл урилгани айтилмоқда. 

Шаҳарнинг расмий сайтида эълон қилинган хабарда ёзилишича, ҳоким раҳбарлигида ўтказилган мажлисда коррупцияга қарши кураш мақсадида ҳокимият биносининг биринчи қаватида видеокамера ва овоз ёзиш ускуналари ўрнатилган махсус хоналар ташкил этишга қарор қилинган. 

Бундан ташқари, барча тузилма раҳбарлари имзо қўйиш учун тадбиркорларни ўз хоналарида қабул қилиши тақиқланган. Шу билан бирга, ҳокимият раҳбар ходимлари тендер ғолиблари билан иш вақтидан ташқари ҳар қандай учрашув ўтказиши мумкин эмас.