Samsung Electronics корпорацияси Fiat Chrysler Automobiles (FCA) Италия-АҚШ автоконцернининг автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи бўлимини сотиб олишга яқин турибди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Манбалар маълумотларига кўра, Samsung компанияси Magneti Marelli компаниясини бутунлай ёки унинг ёруғлик ускуналари, ахборот-кўнгилочар тизимлари ва телематик ечимларини ишлаб чиқарувчи бўлимларини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Компаниялар ўртасида музокаралар якуний босқичда турибди.

Манбалардан бири битимни йил охиригача ёпиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Гап 3 млрд доллардан  кўпроқ қийматдаги битим ҳақида кетмоқда. Шу тариқа Samsung ўз тарихида энг катта хорижий активни сотиб олиши мумкин. 

Агентликнинг таъкидлашича, Magneti Marelli ва Samsung 2009 йилдан ҳамкорлик қилишни бошлаган. Ўшанда компаниялар автомобиллар мультимедиа ва навигацион тизимлари учун дисплейлар яратиш билан шуғуллана бошлашган.

FCA’нинг автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи бизнеси Magneti Marelli компаниясидан ташқари, ўз ичига Comau ва Teksid компанияларини олади. Компаниянинг бу бизнеси 2016 йил 2-чораги якунларига кўра 2,43 млрд евролик тушум ва 111 млн евролик даромад келтирган.

Bloomberg’нинг Magneti Marelli сотилиши мумкинлиги ҳақидаги хабаридан кейин FCA акциялари 9 фоизга қимматлаб кетди.