Шифокорлар ва турнир ҳомийлари афсонавий футболчи Пелега Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинлари машъаласини ёқишга рухсат беришган, лекин унинг ўзи бел қисмидаги оғриқ туфайли қийинчилик сезиши мумкин.

«Шифокорлар рухсат беришди. Энди барчаси унинг оғриқлари тўхташига боғлиқ», — дея Пеленинг матбуот котиби Жозе Форноза Родригешнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

2012 йили Пеле Сан-Паулу шаҳридаги Альберт Эйнштейн шифохонасида операция қилинганди. 2015 йилнинг декабрида ҳам у АҚШда жарроҳлик столига ётган. Айни вақтда 75 ёшли Пеле ҳассасиз юра олмайди.

Бундан олдинроқ 3 карра жаҳон чемпиони Пеле Олимпиада машъаласини ёқиш учун расман таклиф олганини маълум қилганди. Лекин ҳомийлик шартномаларига кўра бу вақтда мамлакат ташқарисида бўлгани туфайли маросимда иштирок этишига кафолат йўқлигини билдирганди.

«Маракана» стадионидаги очилиш маросими эса 5 август санасига белгиланган.

Аввалроқ Пеле Олимпиадага бағишлаб, "Умид" (Esperança) деб номланган қўшиқ ёзганини маълум қилганди.

Пеле ФИФА талқинига кўра 1999 йилда ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб топилган. ХОҚ эса шу йил уни юз йилликнинг энг яхши спортчиси сифатида тан олган.