Тошкент шаҳрида 2016/2017 йил куз-қиш мавсуми олдидан газ тақсимлаш тармоқларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.  

“Тошкентгазтаъминот” унитар корхонасининг “Тошкентшаҳаргаз” филиалидан маълум қилишларича, газ таъминоти тизимини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг муҳим жиҳатларидан. Жорий йилда 18,4 километр газ қувурини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Ер ости газ қувурларини таъмирлашда полиэтилен қувурлар тортишнинг замонавий «қувур ичида қувур» технологиясидан фойдаланилмоқда.

Газ назорати пунктлари газ таъминоти тизимининг муҳим бўғинларидан биридир. Ҳозирги кунда Тошкентда ўрта ва юқори босимли 1,5 минг газ назорати пунктида текшириш ва профилактика ишлари якунланди. Ўтган йилнинг куз-қиш мавсумида айрим маҳаллаларда газ қувурларида босимнинг пастлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келган эди. Уларни ҳал қилиш мақсадида қўшимча газ назорати пунктлари ўрнатиш ва янги қувурлар ўтказиш ишлари бажарилмоқда. 

Аҳолининг газ таъминоти бўйича шикоятлари техник кенгашда кўриб чиқилмоқда. Жорий йилда аҳолидан келиб тушган аризалар ўрганилиб, газ ускуналари техник текширувдан ўтказилгач, Миробод туманидаги Шаҳрисабз ва Ойбек кўчасидан ўтадиган 1,5 километрлик газ қувурини реконструкция қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шаҳардаги газ қувурларининг мустаҳкамлиги ва иш қобилиятини текшириш ишлари якунланди. Ер ости газ қувурлари хизматининг замонавий ускуналар билан жиҳозланган мобиль лаборатория хизмати ёрдамида 870 километрлик газ тармоғи текширувдан ўтказилди.

Куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва пухта тайёргарлик кўриш пойтахтимиз газ таъминоти тизимининг барқарор ишлаши, истеъмолчиларга табиий газни узлуксиз етказиб бериш кафолатидир.