Туркия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мавлут Чавушўғли Австрияни радикал ирқчилик маркази, дея атади. Бу ҳақда, Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

«Австрия канцлери даставвал, ўз мамлакатига назар солсин. Бугунги кунда ирқчилик  — инсон ҳуқуқларига энг асосий таҳдидлардан бири бўлса, Австрия радикал ирқчилик марказидир», — деган Чавушўғли.

Туркия ташқи сиёсат маҳкамасининг раҳбари, Австрия федераль канцлери Кристиан Керннинг баёнотидан сўнг, шундай кескин руҳда чиқиш қилган. Керн, тез орада, Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши борасидаги музокаралар барҳам топиши ҳақида огоҳлантирган эди. 

«Ҳақиқатга тик боқиш керак: аъзо бўлиш бўйича музокаралар хомхаёлдан бошқа нарса эмас. Европага бошқача ёндашув лозим», — деган эди Керн. 

Австрия ҳукумати раҳбарининг фикрича, юз бераётган сиёсий жараёнлар эмас, балки Туркияда Европа қабул қила олмайдиган нотенгликнинг мавжудлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.