Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан янги 2016/2017 ўқув йили олдидан мактаб ўқув қуроллари, дарсликлар, кийим-кечаклар, пойабзаллар кўргазмаси ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик масалаларига бағишланган брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.         

2016/2017 ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш, ота-оналарга қулайликлар яратиш мақсадида 10 августдан 10 сентябргача 1 минг 978 мактаб ярмаркаси ташкил этилади. 

Улар асосан умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, аҳоли гавжум бўлган бозорларда, йирик савдо мажмуаларида очилиши кўзда тутилган. Тоғли ҳамда чўл ҳудудларда юзга яқин кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади. 

Мактаб дўконларида 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлар сотуви ташкил этилади. Булар ўқув, умумий, кундалик, расм, нота дафтарлари,  ручка, портфель, кўплаб мактаб анжомлари, қизлар ва ўғил болалар учун мактаб, спорт кийимлари, пойабзал кабилардир. 

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси етказиб беради.