Англиянинг "Вест Бромвич Альбион" клуби директорлари кенгаши жамоани хитойликларнинг инвестицион компаниясига сотилганини тасдиқлашди. Бу ҳақда жамоанинг расмий сайтида маълум қилинди.

Эндиликда клубнинг янги эгаси тадбиркор Лай Гоучаун раҳбарлигидаги Yunyi Guokai (Shanghai) Sports Development Limited компанияси ҳисобланади.

14 йилдан буён клуб тизимида фаолият кўрсатиб келган Жереми Пис жамоа акцияларининг 88 фоизи хитойликлар қўлига ўтгани ҳақида маълум қилган.

Пис клубда маслаҳатчи сифатида қолган. Директорлар кенгаши раиси сифатида Жон Уильямс тайинланган. У бунгача «Блэкберн»да ишлаб келаётганди. 

Жамоа ўтган мавсумда АПЛ турнир жадвалида 14-ўринни эгаллаганди.

Маълумот учун, шу йил ёзида "Астон Вилла" ва "Вулверҳэмптон" клублари ҳам хитойликлар қўлига ўтганди.

Манба: Tribuna.uz