Париж ва Брюсселдаги теракт ижрочиларидан камида 5 нафари Бельгия ҳукуматидан ижтимоий муҳофаза маблағларини олиб туришган. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, уларга тўланган жами маблағ миқдори 50 минг евро бўлган. Аниқлик киртилишича, террорчилар ҳисобига охирги марта теракт содир этилишидан 3 ҳафта олдин пул ўтказилган.

Париж терактлари ташкилотчилигида айбланган Салоҳ Абдислом Бельгия ҳукуматидан жами 21 минг евро олган. Қайд этилишича, у  барга эгалик қилган ва шу туфайли ижтимоий ҳимоя олишга ҳақли бўлмаган.

Бельгия молия разведкаси раҳбари Филипп де Костернинг айтишича, тўланган бу маблағлар террорчилар томонидан терактлар ташкил этиш учун сарфланганига далил мавжуд эмас, лекин улар доимий равишда «терроризмни қўллаб-қувватлаган».

Ҳукумат баҳолашича, Париждаги терактлар учун террорчилар 30 минг евро харажат қилишган. Брюсселдаги хунрезликлар учун 3 минг евро сарфланган.

2015 йилнинг 13 ноябрида Парижда ва шаҳар яқинидаги Сен-Дени тумани ҳудудида давомли терактлар содир этилди. Натижада 130 киши ҳалок бўлиб, 350дан ортиқ киши жароҳатланди. Терактлар ташкилотчилигида айбланган Салоҳ Абдислом 18 март куни Бельгиянинг Моленбек коммунасида қўлга олинди. Айни вақтда у Франциядаги Флери-Мерожи қамоқхонасида сақланмоқда.

22 март куни Бельгиядаги халқаро аэропортда портлашлар содир этилди. Шунингдек, "Мальбек" метросида портлаш юз берди. Бу теракт оқибатида 32 киши ҳалок бўлиб, 300дан ортиқ киши жароҳатланди.

Ўтган ҳафтада Бельгия полицияси теракт тайёрлашда гумон қилиб 2 кишини қўлга олганди.