Жанубий Кореяда 24 июлдан 3 августгача бўлган давр ичида аномал иссиқликдан камида 7 киши вафот этди. Бу ҳақда Кореянинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази маълум қилди.   

"7 киши вафот этди, иссиқ уришдан жабрланган 411 кишига тиббий ёрдам кўрсатилди", дейилмоқда хабарда. Ҳаммаси бўлиб жорий йилда иссиқликдан 909 киши жабр кўрган. Ўтган йили бу кўрсаткич 705 кишини ташкил қилганди.

Сеулда соядаги ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 36 градусга, бошқа бир қаторларда 37 градусга етди. Тахмин қилинишича, бу ҳудудларда ҳарорат бир неча кун давомида 35 градусдан пастга тушмайди. Жанубий Кореянинг аксарият ҳудудида ҳаттоки тунги вақтлар ҳам енгиллик келтирмаяпти – куннинг тунги қисмида ҳарорат 18 кундан бери 25 градусдан пастга тушмаяпти.   

Бу орада об-ҳаво мутахассислари мамлакатда янада иссиқроқ бўлиши мумкинлигини прогноз қилишмоқда, Хитой ва Россиядан иссиқ ҳаво оқими келиши кутилмоқда. 

Шу муносабат билан шифокорлар соат 11 дан 14 гача кўчага чиқмасликни, тез-тез ювиниб туришни ва кўпроқ совуқ сув ичишни тавсия қилишмоқда. Шунингдек, спиртли ичимликлар ва таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликларни истеъмол қилмаслик ҳам тавсия қилинмоқда.