АҚШ йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий маъмурияти (NHTSA) ARC Automotive компанияси томонидан ишлаб чиқилган 8 млн донадан ортиқ носоз хавфсизлик ёстиқчаларига оид текширув ишларини бошлади, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги. 

Суриштирув ишларига июль ойида Канадада рўй берган ҳодиса туртки бўлган. 
Hyundai автомобили ҳайдовчиси, тўқнашув чоғида ёстиқчанинг насоси ёрилиб кетгани туфайли ҳалок бўлган эди. 

ARC компанияси ишлаб чиққан хавфсизлик тизимларидан General Motors ва Fiat Chrysler Automobiles (FCA) альянси ҳамда Жанубий Кореянинг Hyundai ва Kia компаниялари фойдаланиб келади. NHTSA маълумотларига кўра, 2004 йилдан ҳозирги вақтгача, автомобиль ишлаб чиқарувчилари 8 млндан ортиқ носоз хавфсизлик ёстиқчаларини ўрнатган бўлиши мумкин. 

NHTSA вакилининг сўзларига кўра, ташкилот ARC тизимларини танлаб, текширади. Қайд этиш жоизки, ARC фирмасига қарши биринчи даъво иши 2015 йил июлида очилган эди. Ўшанда, 490 минг машинадаги хавфсизлик тизими шубҳа остига олинганди.