Японияда Американинг Хиросима шаҳрига атом бомбаси ташлаганига 71 йил тўлиши муносабати билан хотира маросимлари бўлиб ўтди. У, анъанага кўра, шаҳар марказидаги Тинчлик боғида ташкил этилган. 

Атом бомбаси ташланган маҳаллий вақт билан соат 8:15да бутун мамлакат бўйлаб бир дақиқалик сукут сақланди. Хиросима шаҳри мэри Кадзуми Мацуи ва Япония бош вазири Синдзо Абэ халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, бутунлай ядросизланишга чақирди. Бу йилги маросимларда дунёнинг 91 давлати вакиллари иштирок этди. 

"Биз ҳеч қачон Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида 71 йил аввал юз берган улкан фожиани такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Ҳозирги кунда, бу вазифа учун бутун дунё аҳолиси масъулдир", - деган мамлакат ҳукумати раҳбари. 

Синдзо Абэ, шунингдек, Япония атом бомбардимонига учраган ягона мамлакат сифатида, учта ядросиз қоидага амал қилишда давом этади. Булар: Токиога ўз ҳудудида ядро қуролига эга бўлиш, уни олиб кириш ёки ишлаб чиқаришни тақиқлайди. 

"Мен ядросиз дунёни барпо этиш учун барча имкониятимни ишга соламан", - дея қўшимча қилган Абэ. 

Хиросима шаҳри ҳокими Кадзуми Мацуи ўз навбатида, ядро қуролидан батамом воз кечиш ва барқарор тинчлик ҳукм сурган жамиятни барпо этиш учун барча чораларни кўришига ваъда берган. 

"Биз Нагасаки ҳамда Ер юзидаги миллионлаб инсонлар билан бирга ядро қуролидан холи бўлиш ва барқарор тинчликни ўрнатишга ҳаракат қиламиз", - деган Мацуи Тинчлик декларациясини ўқиб берар экан.