Японияда жазирама туфайли бир кун ичида камида 889 киши шифохонага ётқизилган. NHK телеканалининг хабар беришича, улардан уч нафар ҳушини йўқотган.

Оита ва Осака сингари ҳудудларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 38 даражага кўтарилган. Токиода эса бу кўрсаткич 35 даражани ташкил қилмоқда. Бу каби ҳолат мамлакатнинг 113 та кузатув станциясида қайд этилган.

Қутқарувчиларнинг айтишича, ана шундай ноодатий иссиқ ҳаво сабаб сувда бахтсиз ҳодисалар сони кўпаймоқда. Сўнгги кунда тўрт киши сувга чўкиб кетган, яна бири ҳушсиз ҳолатда.

Жорий йилда Японияда иссиқ уриши оқибатида илк бор шифохонага тушиш ҳолати апрель ойида кузатилган эди. Шу вақтдан бери мамлакат шифохоналарида 25 минг киши иссиқ уриши билан тушди ва улардан 10 нафари ҳалок бўлди.