Япония императори Акихито тахтдан воз кечишга қарор қилгани муносабати билан олдиндан ёзиб олинган видеомурожаат билан 8 августда япон халқига юзланади, деб хабар бермоқда Япония император саройи бошқармасига иқтибос келтирган ҳолда NHK нашри. Телеканалнинг таъкидлашича, император аввалроқ яқинларини тахтдан воз кечиш истагидан воқиф қилганди. Тахт унинг ўғли шаҳзода Нарухитога топширилади.

Император саройи бошқармасининг маълум қилишича, императорнинг мурожаати 10 дақиқага яқин давом этади. Мурожаат маҳаллий вақт билан соат 15.00да (Тошкент вақти билан 9 август соат 11да) эфирга узатилади. Мурожаат бошқарманинг сайтида инглиз ва япон тилларида ҳам чоп этилади.

Таъкидланишича, бу императорнинг тарихдаги 2-видеомурожаати бўлади. У биринчи мурожаатини 2011 йилда Япониядаги вайронакор зилзиладан кейин қилганди.

Императорнинг мурожаатидан кейин мамлакат ҳукумати томонидан бунга изоҳ берилади.

Япониянинг тахтдан воз кечган охирги императори Кокаку бўлган эди. У ўз тахтини ўғлига 1817 йилда топширганди.