Бразилиялик мухлислар Олимпиада очилиш маросимида Бразилия президенти лавозимини вақтинчалик бажараётган Мишел Темерни норози қаршилашди. Темернинг "Маракана" стадионидаги бор-йўғи 10 сония давом этган нутқи ҳуштакбозлик ва норозилик ҳайқириқлари билан кутиб олинди.   

Бразилиянинг ўз лавозимидан четлатилган президенти Дилма Руссефф ўрнини эгаллаган Темер мусобақаларнинг очилишини расман эълон қилди. Сўнгра тантанали мусиқа янграб, осмонга салютлар учирилган. Бироқ ТАСС ахборот агентлиги мухбирининг кузатишича, салютдан кейин ҳам ҳуштакбозлик тўхтамаган. Бундан ташқари, трибуналардан "Темер йўқолсин!" деган ҳайқириқларни эшитиш мумкин бўлган.

Аввалроқ анъанага зид равишда Темер Олимпиадани қабул қилаётган давлат раҳбари сифатида тақдим қилинмагани маълум қилинганди. ОАВ маълумотларига кўра, бу очилиш маросимида номақбул ҳолатлар иложи борича камроқ бўлишини истаган Темернинг ўз илтимоси билан қилинган.  

Темер "Зеро ора" газетасига берган интервьюсида мамлакат фуқаролари уни Олимпиада очилиш маросимида совуқ кутиб олишлари мумкинлигини тан олганди. "Мени ҳуштакбозлик билан кутиб олишларига тайёрман. "Маракана" стадионида ҳуштакбозликни ҳаттоки сукут сақлаш дақиқасида ҳам эшитиш мумкин. Бироқ мен барчасига тайёрман ва ўз бурчимни бажаришим шарт", деганди Темер. 

5 августда Копакабана соҳилбўйида Руссеффнинг импичментига қарши намойиш бўлиб ўтди. Унда Темернинг сиёсатидан норози бўлганлар унинг истеъфога кетишини талаб қилганлар.