Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 31-ёзги Олимпия ўйинлари очилиши маросими бўлиб ўтаётган "Маракана" стадиони олдида маҳаллий аҳолининг норозилик намойишлари бошланди. Маълум қилинишича, шаҳарликлар бюджет маблағларининг Олимпия қишлоғи ва ўйинларнинг ўтказилиши учун сарфланаётганига қарши чиқмоқдалар.  
   
Полиция ходимлари намойишчиларга қарши кўзни ачиштирувчи газ қўллаган. Бироқ бу намойишчиларни баттарроқ дарғазаб қилган. Улар Бразилия миллий байроғини ёқиб, шу ёқилган байроқ ёрдамида Олимпия машъаласи эстафетаси ўтказилишини тақлид қилганлар. 

Олимпиада очилиш маросими маҳаллий вақт билан соат 20.00да (Тошкент вақти билан соат 04.00да) бошланди. Айни вақтда майдонга миллий терма жамоалар чиқиб бўлди, шунингдек Олимпия байроғи олиб чиқилди ва спортчилар қасамёд келтирдилар. Маросим давом этмоқда.