Рио-де-Жанейрода XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари очилди. Бразилия президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Мишель Темер XXXI ёзги Олимпиада ўйинларини очиқ, деб эълон қилди. Шу тариқа Жанубий Америкада биринчи олимпиада ўйинлари бошланди.

Рио-де-Жанейродаги муҳташам “Маракана” стадионида бўлиб ўтган тадбирда 207 та мамлакат спортчилари ва делегация аъзолари иштирок этди. Минбарга ташкилий қўмита раҳбари Карлос Нузман ва Халқаро Олимпиада қўмитаси раиси Томас Бах кўтарилди. Карлос Нузман инглиз ва португал тилларида спорт байрамини ташкиллаштиришда иштирок этганларнинг ҳаммасига миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, Томас Бах мамлакатда кузатилаётган қийинчилик ва мураккабликларга қарамай Бразилия ҳукумати Олимпиадага кўрган тайёргарлигидан ҳайратга тушганини таъкидлаб ўтди. “Биз ишончсизлик, инқироз ва умидсизлик дунёсида яшаяпмиз. Олимпиада — эса бизнинг жавобимиздир. Спортчилар ёнма-ён туриб мусобақалашмоқда. Мен бир-бирингизни ва шу билан бирга ўзингизни ҳурмат қилишингизни ҳамда спорт руҳи сақланиб қолинишини сўрардим”, деди Томас Бах.

Кениялик Олимпиада чемпиони Кипчоге Кейно Олимпиада ҳаракатига қўшган хизматлари учун Томас Бах қўлидан юксак мукофотни қабул қилиб олди. Шундан сўнг, Мишел Темер 2016 йилги Олимпиада ўйинларини очиқ, деб эълон қилди. Олимпиадачиларнинг анъанавий қасамёдини икки марта Олимпиада чемпиони, яхтсмен Роберт Шейдт ўқиб берди. У барча спортчилар номидан Олимпиада ўйинларида мавжуд қоидаларга риоя этган ва уни ҳурмат қилган ҳолда иштирок этишга ваъда берди. Шунингдек, ҳакамлар номидан Бразилия атлетикачилари конфедерацияси бош котиби Мартино Нобре дос Сантос, мураббийлар номидан эса Адриана Сантос қасамёд қабул қилди.

Тантанали маросим маҳаллий вақт билан тун ярмида бўлиб ўтди. Бу вақтда Тошкетда тонг отаётган эди. Маҳаллий вақт билан 23:00да (Тошкент вақти билан 07:00да) миллий спорт жамоаларининг паради якунланди. Парадда 12 мингга яқин спортчи иштирок этди. Тадбир сўнгида Олимпия ўйинларининг ватани – Олимпия шаҳрида қуёш нурларидан аланга олдирилган машъала стадионга олиб кирилди. 2004 йил Афинада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби бразилиялик марафончи Вандерлей Кордейру 31-ёзги Олимпиада алангасини ёқди. Аслида аланга бразилиялик футболчи Пеле томонидан ёқилиши кутилаётган эди. Бироқ соғлиғини баҳона қилган Пеле Халқаро олимпия қўмитасининг президенти Томас Бах ва Бразилия Олимпия қўмитаси раҳбари Карлос Артур Нузманнинг бу борадаги илтимосини рад қилди.

“Маракана” стадиони 1950 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати муносабати билан қурилган эди. Ўша йилнинг 16 июлида Бразилия ва Уругвай терма жамоалари ўртасида финал мусобақаси бўлиб ўтган. Ўшанда футбол ўйинлари тарихида энг кўп — 200 минг томошабин иштирок этган эди. Сўнгги 20 йил мобайнида “Маракана” уч марта таъмирланди. Айни дамда стадион 79 минг томошабинни сиғдира олади.

Мухбирларнинг сўзларига қараганда, тадбирнинг очилиш маросими бугунги кунда Бразилиядаги ҳаёт тарзини намойиш қилган. Тадбир оддий ва камтарона руҳда бўлиб ўтди. Аммо стадионда самимият руҳи бор эди. Бу, ўз навбатида, бразилияликларни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни бир оз бўлса-да, унутишларига сабаб бўлди.

Театрлаштирилган саҳналарда Бразилия давлатчилигининг тарихи акс эттирилди. Тантанавор безатилган стадионда Бразилиянинг ўзига хос тарихи, миллий анъаналари ва санъат усталарининг чиқишлари намойиш этилди.

Кўп ўтмай “Маракана” йирик рақс майдончасига айланди. Делегацияларнинг паради вақтида экранда экологик муаммолар ва глобал иқлим ўзгаришлари акс этган лавҳалар пайдо бўлди. Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида илк бор ижтимоий тадбир ўтказилди. Бу, ўз навбатида, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга қаратилгани билан ажралиб туради. 12 мингга яқин спортчи махсус резервуарга Бразилия ҳудудларида ўсадиган дарахтларнинг уруғини ташлашди. Бу уруғлар Рио-де-Жанейродаги  Деодоро миллий боғига экилади. Анъанага кўра, 207 та делегация спортчилари алифбо бўйича стадионга кириб келди. Шуни айтиш керак-ки, одатга кўра Греция вакиллари энг биринчи кирса, энг охирида мезбонлар киради. Грецияликлардан сўнг Бразилия алибоси бўйича стадионга АҚШ (Estados Unidos da America) делегацияси биринчи бўлиб кирди, Улардан кейин Эстония спортчилари кириб келди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу галги олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида Халқаро олимпиада қўмитасининг махсус рухсати билан 9 кишидан иборат қочқинлар жамоаси ҳам иштирок этди. Томас Бахнинг айтишича, қочқинлардан иборат спортчиларнинг иштироки миллионлаб муҳожирлар учун умид уйғотади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Олимпиада маъшаласи билан Рио-де-Жанейрода 100 метрлик масофани босиб ўтди. У машъалани Халқаро олимпиада қўмитаси президенти Томас Бахнинг қўлидан олди. Маълумки, БМТ Бош котиби пайшанба куни Рио-де-Жанейродаги Олимпиада шаҳарчасига ташриф буюриб, Халқаро олимпиада қўмитаси байроғи остида иштирок этаётган қочқинлар билан учрашган эди. Нуфузли мусобақада Олимпиячилар спортнинг ўттиздан ортиқ тури бўйича 306 медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган машҳур спортчимиз – бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Баҳодир Жалолов стадионга кириб келди. Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини мухлислар қизғин олқишлар билан кутиб олди. Ўзбекистон спортчилари академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо, теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ўтказиладиган беллашувларда иштирок этади.

Рио-де-Жанейродаги олимпиада ўйинлари 21 августга қадар давом этади. Айни дамда Бразилия ҳукумати Рио-де-Жанейрода хавфсизлик чораларини кучайтирди. Хавфсизлик кучлари ходимлари, жумладан, полиция ва армия бўлинмалари сони оширилди.

Шарофиддин Тўлаганов