Аллоҳга беадад шукрлар, чексиз ҳамду санолар бўлсин, юртимизни истиқлол неъматидан баҳраманд айлаб, беқиёс эркинликлар йўлини очиб қўйди. Энди халқимиз ўзи ва теварак атрофдаги халқлар босиб ўтган йўлни, ортда қолган тарихни танқидий ўрганиб, керакли қадамни қўрқмасдан ташлай олади. Буёғига энди шунчаки: “Бошқалар билан нима ишим бор, эртага нима бўлса бўлавермайдими, бугунги куним ғанимат!” деб яшаш ярамайди. Чунки “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”.
 
Бугун кўзи очиқ ҳар бир ватандошимиз зийрак бўлиши лозим. Сабаби, мустақил, ёш давлатнинг кўз тикиб турган ҳасадчилари, сохта “дўстлари” кўп бўлиши табиий.
Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илмни талаб қилинглар, гарчи у Хитойда бўлса ҳам” мазмунли тавсияларига амал қилиш бугунги кунимизда жуда зарур. Бу муборак тавсияга амал қилмаганлар оғзидаги ошини олдириб қўяди.

Ҳурматли Президентимизнинг: “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам”, деган шиори асосида ишонч билан ҳаракат қилиб, ҳаром қаерда, ҳалол қаерда эканини ойдай, кундай равшанлаштириб олиш, билганларимизга амал қилиш учун кечаю кундуз интилмоғимиз керак. Ҳалолига ҳисоб, ҳаромига азоб бор эканини унутмаслигимиз лозим. Демак, бундан ҳаром ёки гуноҳ ишни қилишдан сақланиш зарурлиги, фақат ҳалол йўлдан юрган тақдирдагина мутлақ яхшилик, ҳузур ҳаловатга етиш мумкинлиги ҳақидаги билим келиб чиқади. Англашиляптики, ҳаром ва гуноҳ одамнинг қалбини, демакки, вужудини доим қоронғи қилиб, ич-ичдан эзилиб юришига сабаб бўлади. Ҳалоллик ва тўғрилик эса, одамнинг қалб хотиржамлигига асосдир.

Ўғри ўзининг қилаётган ўғирлигидан қалбан хотиржам эмас, “Ишларим юришиб кетса эди, умуман ўғирлик қилмасдим”, деб қайта-қайта ўз-ўзига сўз беради. Агарчи унинг бойлиги кўпайиб кетса ҳам, то шу гуноҳини тарк этмагунча ҳаловат топмайди. Шунинг учун у баъзан қийинчиликда қолган қандайдир инсонларга ёрдам бергиси келиб, қалб роҳатига етишишни хоҳлаб қолади. Ҳатто, шундай қилади ҳам. У астойдил киришса, ўғрилигини ташлаб ҳам кетади. Бироқ ҳамон ўғирлигини тарк этмаётган экан, у ўзининг қалбида ғалаён қилаётган ўша икки ўт орасида куйиб юраверади.

Одам ўлдиришдан тоймайдиган жаллодлар ҳам ўзларининг бу ишлари учун кунига неча марталаб афсуслар чекади, мени ҳам бир куни ўлдиришлари мумкин-ку, деган қўрқув уни ҳеч қачон тинч қўймайди. Аммо манфур ишини давом эттираверади, қалби эса баттар қорайиб бораверади. Баъзан эса кимгадир раҳм қилиб, унинг қандайдир бирор ташвишини енгиллаштириб ҳам беради. Бу билан у шунча роҳатланадики, сабабини ўзи ҳам билмайди. У ўзининг қилган хунрезликларидан астойдил тавба қилишни, яхши одамлар сафига кириб, оддий ҳаёт кечиришни доимий равишда орзу қилиб юради.

Жамият орасида салмоқ жиҳатидан қанчадир фоизни ташкил қиладиган ашаддий товламачи, ёлғончи кимсалар ҳамиша бўлади. Улар ҳам ўзларининг бу қилмишларидан обрўлари кунма-кун, соатма-соат тушиб бораётганини сезишади. Бу амаллари сабаб виждонан роса қийналиб юришади. Алдаб чарчаганларидан баъзан тўғри ишлар қилишади. Ва шу озгина тўғри ишларидан ўзлари роса хурсанд бўлишади.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:

“Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди).

(Улар): “Раббимизсан, иқрормиз” – дедилар” (Аъроф, 172).

Яъни, Одамнинг (алайҳиссалом) сулбидан то охир замонгача бу дунёга келадиган инсонларнинг руҳлари чиқарилиб жам қилинганида, ҳаммалари Аллоҳ таолонинг Хожалигига, ўзлари Унинг қуллари эканига тиллари ва диллари билан иқрор бўлишган. Яъни, ҳар бир инсон Парвардигорнинг буюрганларини қилишга, қайтарганларидан қайтишга ваъда берган. Шу туфайли нотўғри иш қилганлар ваъдасига хилоф амаллар содир этганлари учун хотиржамлигини йўқотишади, тўғри иш қилганлар ваъдасига вафо қилганлари учун шодмон бўлишади.

Шу ўринда инсонга қалбий хотиржамлик ва ҳаловатнинг нақадар зарурлигига яна бир неча мисол келтирмоқчимиз. Мусулмонлар, билибми-билмайми, бирор гуноҳ содир этишса, бу ишларидан афсус надоматлар чекиб, Таввобу Роҳим бўлган Раббисига истиғфорлар айтишиб, тавба қилишади ва амалларидан қайтишади. Ана шундан кейингина қалб сокинлигига ва хотиржамликка эришадилар.

Фиръавнга (алайҳил лаъна) Аллоҳ таоло чексиз бойлик бериб, кўнглига келганини муҳайё қилиб қўйди, на бир касаллик, на бир муаммога дуч келмади. Фиръавн ҳаддидан ошиб, ўзини “худо” деб эълон қилди. Лекин у ҳам ўзининг ожиз бир банда эканини, бир кун келиб, унга ҳам ўлим етишини билар эди. Шунинг учун қалбининг туб тубида доимо бир қўрқув, дилқоронғилик сақланиб юрар, ҳаловати йўқ эди. Бу гапларнинг тасдиғи Қуръони каримда турибди. “Мусонинг (алайҳиссалом) ортидан таъқиб қилиб, денгизга ғарқ бўлиши аниқ бўлиб қолгач, у имон келтирди” (Юнус сураси, 90, 91, 92 оятлар).

Халқимизда сақланиб келаётган бир мақолда юқоридаги мавзуга алоқадор фикр таъкидланади: “Яримта ноним – роҳати жоним”. Мақолнинг сиртқи ва бирламчи маъноси озгина бўлса ҳам, ҳалол ризқ топган одам қалб ҳаловатини сезиши ҳақида. Буни бошқача томондан таърифлаш ҳам мумкин: қанчалик бойиб кетсанг-да, қалбингга ғубор туширадиган ишни қилишдан сақлан, шунда олдингдаги ҳалол ризқингни роҳатланиб, маза қилиб ейсан.
“Аллоҳ мўминлардан жонларини ва молларини жаннат эвазига “сотиб олди...” (Тавба, 111).

Аввалдан то охир бу дунё ҳаётида яшаб, қандайдир ишлар ва фаолиятлар билан шуғулланган инсон зоти борки, ҳар бир босган қадами, қасд қилган ўйи мукаммал ёзиб турилади. Бу дунёда қилган амаллари эвазига ё жаннатни, ё дўзахни сотиб олади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида: “Барака ўн қисмдир, шундан тўққизтаси савдода”, дейдилар. Биз ушбу китобда “савдо” сўзининг нафақат тижорат маъносини, балки ундан катта ва кенг маъноларни, баъзан эса мажозий маъноларни ҳам истифода қилмоқчимиз. Мақсад – қисқа бўлса ҳам, гапни тугал айтиш. Тавфиқ Аллоҳдан.

Умуман олсак, савдо инсоннинг ҳаёт кечириш, наслини давом эттириш, ҳалолдир, ҳаромдир – ризқ излаш учун бошқа инсонлар билан керакли ҳар турли молий, лафзий, жисмоний муомалаларга киришувини билдиради. Тилимизда умр савдоси, мол-мулк савдоси, насия савдо, нақд савдо, рост савдо, ёлғон савдо, ҳалол савдо, ҳаром савдо, лафз савдоси (аҳдлашув, сулҳ), тана савдоси, ғирром савдо, қул савдоси, одам савдоси каби иборалар истеъмол қилинади. Баъзилари тез-тез, баъзилари аҳён-аҳёнда ишлатилади. Биз ҳам ўрни билан уларнинг айримлари ҳақида тўхталишга ҳаракат қиламиз.

Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Шунинг учун савдо хусусида сўз юритишда савдо ва унинг ҳар хил турларини шартли равишда иккига бўламиз: Аллоҳ рози бўлган савдо, Аллоҳнинг қаҳру ғазабига сабаб бўладиган савдо. Масалага ана шу мезон асосида ёндашсак, иншааллоҳ, тўғри йўл тутган бўламиз. Бақара сурасининг 275 оятида олди-сотди – ҳалол, рибо – ҳаром эканлиги айтилади.

Аллоҳ таоло олди сотди – ҳалол деяптими, демак бу бир вақтнинг ўзида ҳам савдо қилишга рухсатни, ҳам савдони ҳалол олиб боришга буйруқни билдириб келяпти. Нотўғри қадам қўйилса, ношаръий амал қилинса, савдо ҳалол бўлмайди. Шу сабабдан қайси савдо Аллоҳ ризосига, қалб хотиржамлигига олиб боради-ю, қайсилари, аксинча, жазога сабаб бўлади, буларни очиқлашга эҳтиёж бор.

Расули акрамдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда: “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб марҳамат қилинган (Имом Термизий).

Ўшандоқ улуғ зотлар билан бир сафда бўлиш қанчалар ҳам олий бахт! Буни ҳар бир мўмин-мусулмон орзу қилиши аниқ. Жаннат бениҳоя қиммат жой, унга етиб бориш унчалик ҳам осон бўлмаслиги табиий. “Меҳнатнинг таги роҳат”. Дўзах эса доимий қийинчилик жойи. Унга бориш, унга етишиш жуда ҳам осон, арзон. Эҳтимол, шунинг учун дўзах йўли кўпларни оҳанрабоси, “жилваю нозлари” билан ўзига ром қилар?! Лекин дунё тамаддунида ўзига хос салмоққа эга бўлган донишманд халқимизнинг мақоли бор: “Арзоннинг шўрваси татимас”, Дўзах, жаҳаннам жуда ёмон жой. Аллоҳ паноҳ берсин!

Манба: Mehrab.uz