АҚШда бир қанча муддат яшаган эронлик физик-ядрочи Шахрам Амирий Теҳронда қатл этилди. Бу ҳақда физик оиласи маълум қилди.

Амирийнинг қатл этилганини унинг жасади ҳукумат томонидан она шаҳрига қайтарилгандан кейин яқинлари маълум қилишган. Уларнинг айтишича, олимнинг бўйнида арқон излари бўлган.

Амирий 2009 йилда Маккага ҳаж сафарига кетгач, йўқолиб қолган ва сўнгра АҚШ ҳудудида пайдо бўлган. Маълум қилинишича, уни АҚШда Марказий разведка бошқармаси куч билан ушлаб турган. Бироқ АҚШда олимнинг ўғриланишига алоқадорликлари рад этилган.

2010 йилда ABC News канали физик АҚШга қочиб кетгани ва МРБга Эрон ядровий дастури бўйича маълумот йиғишга ёрдам берганини маълум қилган. Кейинроқ Оқ уй олим ўз ҳолича АҚШга қочгани ва Вашингтонга муҳим ахборотни берганини маълум қилган.

2010 йилда Амирий ватанига қайтганда қаҳрамонларча кутиб олинган. Бироқ у ўз ватанида узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум қилинган. У оиласига уни ўлдиришмоқчи бўлаётганини айтган. Кейинроқ у сирли равишда вафот этган. Олимнинг онаси унинг ўғли қатл этилганини таъкидламоқда.